avatar
Куч
113.71
Рейтинг
+48.67

Adolat Xudoyberdiyeva

Мақолалар

“Дўрмондан “дармон” ли билимлар олдим”

Блог им. adolatx

Хонамга унутиб қолдирган дафтаримни олиш учун кирганимда юрагимга бирдан қўрқув оралади. Бу аслида қўрқувга ҳам ўхшамас, ажабтовур ҳаёлларга қоришиқ  ўзимгада номаълум бўлган ҳислар эди. Эшикни очишим билан дераза шарақлаб ёпилиб очилди. Узун-узун осиғлиқ оппоқ пардалар қоронғу хонада ўзича тебраниб ётарди. Ичимдан бир нарса узилиб кетгандай бўлди. Чироқни ҳам ёқмасдан бир қадам ташладиму, очиқ деразадан кўзимни узмай дафтаримни қўлимга олдим. Ўз ҳаёлларимдан ўзим сесканиб, хонадан отилиб чиқиб кетдим. Ўша дамда Дўрмондай муқаддас даргоҳнинг муҳташам мажлислар залига қандай етиб борганимни, ундаги сўзланаётган нутқлар вақтида ҳаёлларим қаерларда тентираб юрганини ўзим ҳам билмасдим. Аммо мазмунли суҳбатлар авжига чиққан бир паллада дайди ҳаёлларим туфайли устозлардан минг бор ҳижолат чекардим.


Кеч кирди. Ҳамма ҳар хил иш билан банд. Кимдир бугунги бўлиб ўтган машғулотлар таассуротларини тўлиб тошиб гапирса, кимдир ўзича қоғоз қоралайди. Мен эса ҳалиям ўз ҳаёлларим билан оввора бўлиб, ўзимни тушунолмай ҳалак эдим. Бировга айтсам кулади деб ҳеч кимга ҳам айтолмай гўёки ўзим билан ўзим ҳасратлашардим.


ҚУЁШГА БЕФАРҚ БЎЛМАНГ!

Блог им. adolatx

 Қуёшнинг чиқишини кўргансиз. Оламга мунавварлик олиб кирар чоғида, тоғ ортидан ўзи билан бирга дилингизга бугунги кунга бўлган умид шафақини олиб киради. Оқшом тушганда эса юмушларингизга  улгурмаганингизданми унинг ҳеч ҳам ботишини  хоҳламагандай бўласиз.  Маҳзун тун томонидан бўғизланаётган қуёшнинг шафақларидан сачраётган қип-қизил қон юракларни бир ўртаб ўтади. Тун ярмида эса ойнинг сутдай оқ шуъласига мафтун бўлган кўнгил баъзан тонгнинг туғилишигада доялик қилади. Кўтарилган қуёш эса бамисоли бегуноҳ гўдакдай фақат ўзигада дахлдор бўлган меҳрли зиёсини оламга сочади.


ТЕЛЕФОН МАШМАШАСИ ёхуд йўқотилаётган қадр тилсими

Блог им. adolatx

Умрингизда китоб ўқиб, ҳеч замонда ундан зериккан ёки ҳеч бир ёмонлик ўрганган жойингиз бўлмаса керак. Асардаги бирор қаҳрамонга ҳавас қилган ёки қийналган вақтлари унга ачинган жойингиз бордир. Аммо соатлаб, ҳафталаб термулиб ўтириб  бадиий асар ўқиш учун кетган вақтингизга бирор марта ачинганмисиз? Албатта йўқ. Мен бундан хурсандман. Чунки ўйлайманки, катта-катта асарларни ўқишга торлик қилмаган кўнглингиз мазкур мақолани  ўқишга ҳам ҳафсала топади.


Сурхондарёда адабиёт кунлари

Блог им. adolatx
Сурхон замини азалий ижодкорларга бешик бўлган юрт. Ҳассос шоирлар, сўзларни маржондай териб, кўкрак кериб Ватан дея қалам тутган фидоийлар юрти. Адирида қўй боқиб, қадамида шеър битган, чанқовузи, сибизғасидан таралаётган сас бўғзида куй, турфа туйғуларини кўнглидайин оқ қоғозига тушира олган шоирлар юрти. Улар билан қанча фахрлансак оз.  Бугун улар юрт мадҳини тараннум этмоқда. Қишлоқнинг ҳовурли тандирини, ўзбек халқига хос кенгбағрли ўтовини,  жануб гавҳарига айланиб бораётган Сурхонини ўз қаламига солиб куйламоқдалар.

Фитонематодалар сонининг мавсумий ўзгаришига экологик омилларнинг таъсири

Блог им. adolatx
      Ҳозирги вақтда аҳолини сифатли озуқа маҳсулотлари билан таъминлаш муаммосини ҳал этишда ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига жиддий зарар етказувчи касалликлар ва зараркунандалар орасида фитопаразит нематодалар асосий ўрин тутиб, ҳосилдорликнинг камайишига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.
     Ўсимликларнинг турли органларида тарқалган фитонематодаларнинг йилнинг турли фаслларида тур ва индивидлар сони жиҳатидан ўзгаришини ўрганиш маскур зараркунандаларга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда биз Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги М.Азизов номли  ширкат хужалигига  қарашли анор плантациясида ўсимликнинг илдизи ва илдиз атрофидаги тупроқда фитонематодаларнинг сонинг мавсумий ўзгариш динамикасини ўрганиш мақсадида фитогельминтологик тадқиқот ишларини олиб бордик. Бунда биз муҳим абиотик факторлардан тупроқ намлиги ва ҳароратининг фитонематодалар сонининг мавсумий ўзгаришига таъсирини ўрганишга эътибор қаратдик.  

Анатомик тузилиши жихатидан маймунларнинг қайси тури одамга яқинроқ?

Блог им. adolatx

    Баъзи белгилари билан шимпанзе, горилла ва орангутан ҳам одамга бир мунча яқин лекин кишини ҳайратга соладиган маймунлар орасида кўпгина белгилари, ҳусусан бош суягининг тузилиши жиҳатдан одамга энг яқини – янги кашф этилган (бонобо)митти маймун Шимпанзедир.
    Митти маймун шимпанзе бонобо жуда қўрқоқ бўлади, йирик шимпанзеларга яқинлашмайди. Митти маймунларнинг бўйи ҳамма турдаги шимпанзелар бўйидан 2 баровар паст.
  Майда шимпанзе серҳаракат, тез дўстлашади, жуда улфат, бир -бирлари билан гаплашиб тўймайди. Бу маймунлар сўзлашганда имо – ишораларни кўп ишлатади.

Xазонларда йиғлайди бир дард...

Блог им. adolatx
Кузнинг елвизак шамолидан таним зада бўлганда, баҳорни соғиниб кетаман. Қийғос гуллаган ўрик дарахтини, гўзаллигидан капалакнида шошириб қўйган гулларни соғинаман.
Табиатнинг тилло суви ила сайқал топган кузда-чи? Менинг маҳзун ҳаёлларим унинг ёмғирли кунларила чайилиб, гўё армонларим қалбимдан ҳазон бўлиб, тўкилаётгандек туюлади. Кетаётганда эса армонли хотираларимни қўйнига солиб, пок орзуларимни кумуш қиш сари элтади. Оёғим тагидаги ҳар бир шитир этган барг менинг қалбимда англаб бўлмас ниманидир уйғотади. Дарахтлар танасининг ғалати ғичирлаши, шоҳларининг уч-учида осилиб қолган баргларнинг маҳзун ноласи юракни ўртайди… Куз, сен кетиб боряпсан-у, лекин бу ерда япроқларинг изингдан бемор мисол сарғайиб, бўзлаб қолмоқда.

ОТА

Блог им. adolatx
 Бугун отангизга “МЕН СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН”, деб айтинг!
    Отамнинг елкасига осилиб ўйнаб, ҳеч ўз ҳолига қўймасдим. Бир куни қаричлаб кўрдим. Нақ беш қарич. Хурсанд бўлиб кетдим. 
-          Ота, ота? –дедим тағин елкасига уриб,
-         Елкангиз беш қарич экан. Мен бемалол чиқиб ўйнасам бўларкан. Яхши ўйнашим учун шу ер қулай. Мазза қиламан-да!.
Отам кўзларимга қараб туриб, кулиб деди: “Ўйнай қол!”. Ура, дея биқинига тиззамни тираб, энди чиқаман, деб турсам, онам ўйинбузарлик қилиб, қўлимдан бир тортиб силтаб, отамнинг ёнига ўтқазиб қўйди.
-          Мен сенга кеча нима деган эдим, Арслон?
Онамнинг қоши чимирилган. Унинг синовчан назаридан қочиб қутулиб бўлмайди. Лабларимни чуччайтириб, индамай ер чизиб туравердим. Қош остидан оҳистагина қарай оламан холос.

Сурхон ўйинлари –баркамоллик кўзгуси

Блог им. adolatx
 
    
        Қуёшнинг фарахбахш нурларини ўз кўксига сингдирган Сурхон воҳаси тарих силсиласида ўзининг қадим ўтмиши билан маданият бешигини тебратиб келаётган ўлкалардан саналади. Сурхондарё ўзининг миллий урф-одатлари, анъаналари, бир-бирини такрорламайдиган байрам-у маросимлари ва шу каби ўзига хос маданияти билан дунё аҳлини ҳам лол қолдирмоқда. Ота-боболаримизнинг бизга қадар етиб, қон-қонимизга сингиб кетган жиҳатлари борки, бу жиҳатлар ҳар бир ёш авлоднинг нигоҳида, бажарган амали-ю намоён этган иқтидорида яққол кўзга ташланади. Ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда нафақат аждодларимизнинг доно ўгитлари, балки улар томонидан ўйлаб топилган миллий ўйинларнинг ҳам ўрни беқиёсдир.
         Ота-боболаримиз фарзандларини юртга муҳаббат, умумбашарий ва инсоний қадриятларга садоқат, қолаверса Сурхон воҳасига хос полвонларни вояга етказишда анъанавий халқ ўйинларидан самарали фойдаланишган.

Она ватан

Блог им. adolatx
Хаёт, умр каби муборак Сўз бу,
Она ватан бўлсин кафтингдаги йўл.
Тупроғинг – сен татиб кўкарган туз бу,
Аждодлар манглайин ювиб тушган кўл.


Боботоғдан чиққан куёшга ўхшаб,
Билсанг чамалаб қўй уфқларингни хам.
Худо суйганларнинг кўнглига ўхшаб
Муқаддас атагин кўкларингни хам.

Мустаҳкам оила маҳалла кўрки, жамият таянчи

Блог им. adolatx
Оила соғлом экан жамият мустаҳкам,
Жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарор.
И.А.Каримов
 
Ота-боболаримиз қадимдан оилани муқаддас билиб, уни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келганлар. Оила ҳам бамисоли кичик бир мамлакат. Унинг ҳам ўз подшоҳи ва вазири бор. Ҳар бир мамлакатнинг ўзигагина  хос қонунлари бўлганидек, ҳар бир оиланинг ҳам ўз қонунлари бор.
Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида қайд этганларидек, инсоннинг илк ҳаётий тушунчалари ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида  шаклланади. Боланинг феъл-атвори, дунёқарашини белгилайдиган яхшилик ва эзгулик айнан оила шароитида камол топади.
Биз ҳар томонлама ривожланган давлатни барпо этишга интилар эканмиз, бу йўлда баркамол авлодни тарбиялашда энг муҳим омиллардан бири оила эканлигини ҳис қилишимиз лозим. Соғлом авлодни шакллантиришда оиланинг, айниқса ота-онанинг ўрни беқиёсдир. Оилада соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ота-онанинг биринчи галдаги вазифасидир.

Шахмат қандай пайдо бўлган?

Блог им. adolatx

  Шахматни афсоналарда айтилганидек бир киши кашф этган эмас, балки бу авлоддан-авлодга ўтиб келган халқ ижоди маҳсулининг натижасидир.
      Тарихдан маьлумки дастлабки шахмат ўйини бундан 1,5минг йиллар олдин Ҳиндистонда пайдо бўлган бўлиб, “чатуранга” деб номланган. Ўша вақтларда қадимги ҳинд халклари 4 киши бўлиб ўйнашган, яьни 4киши досканинг тўртала томонидан дона суришган. 4 кишининг ўйини ҳинд халқлари учун тўрт рамзни ифодалаган: сув, олов, ер, осмон ва 4 фаслга ҳамда инсонларнинг 4хилдаги руҳий кечинмалари (темпераментлари)ни билдирган.
     Ҳар бир мамлакатда шахматнинг ўз қонун-қоидалари бўлган. Бу ўйин қоидалари аста-секин ўзгариб, ҳозирги замонавий шахматнинг яралишига асос бўлган. Бир неча юз йиллар давомида шахмат доналарининг сони ва юриш сони, юриш ҳусусиятлари ўзгариб келган ва  такомиллашган.
    10-13 асрларда шахмат Ўрта Осиёга кириб келди ва “шатранж”номига эга бўлди. 

Шаҳримизнинг “яшил ўпка”лари

Блог им. adolatx
   Фан- техника тараққиёти  шаҳарларда атмосфера ҳавосининг тубдан ўзгаришига олиб келмоқда. Шундай экан саноат корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, иссиқлик электр станциялари, транспорт ҳаракати, шаҳарларда аҳоли сонининг кескин ортиши  давом этар экан бу ўзгаришлар салбий экологик муаммоларни келтириб чиқараверади.
         Шаҳарлар ҳавосининг ифлосланишига қарши кураша оладиган бирдан –бир дўстимиз яшил ўсимликлардир.  Шаҳарларни ва теварак атрофни кўкаламзорлаштириш: боғ-роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, скверлар, ҳиёбонлар, дарахтзорлар, кичик ўрмонлар барпо қилиш, корхона ва шунга ўхшаш жойлар атрофини яшил ҳудуд билан таъминлаш ҳавонинг тозалигини сақлаб қолишда  энг самарали усулдир.
         Дарахтлар, буталар ва бошқа яшил ўсимликлар ҳаводаги чанг ва газларни ушлаб қолиб, механик ва химиявий фильтр вазифасини ўтайди, углеродни ўзлаштириб, соф кислород ажратиб чиқаради.

Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб...

Блог им. adolatx
Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.
Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.


Отам ерга бошини эгган куйи чуқур ўйга чўмади. Чордона қуриб, ўтириб олади-ю, дўпписини тиззасига қўйиб ажинлар орасидан мўлтираган кўзларини бир нуқтага тикиб, узоқ ўйлайди. Мен эса ҳар сафар ҳаёллари нима билан бандлигини билишга ошиқиб, уларнинг олдиларида узоқ каловланаман. Бироз шу ҳолатда тураман-у яна ишимга шўнғиб кетаман. 
Мана бугун ҳам улар ишдан келиши билан ҳовлимизда кенг қулоч ёзган тут дарахти тагида газета ўқиётгандек саҳифаларни бир-бир варақламоқда. Кўзлар газета саҳифаларида-ю, ҳаёллари аллақачон қаёққадир равона бўлган. 

Кўнгил кўнгилга нима дейди?

Блог им. adolatx
       “Меҳрнинг қўллари иссиқ эди. Майин қўллари билан бошимни силарди. Ундан яралган ширин сўзлардан, таним ороланар, кўнглим сармаст. Қайга кетди у. Қайси гуноҳим учун у мени ташлаб кетди. Бу менга ойсиз тундек қоронғу. Одамлар орасидан излаб тополмайман уни, кимдан сўрашни-да билмайман”. Инсон эзилган юрагига баъзан шундай таскин бераркан. Хўш, юракнинг инсон кўкрак қафаси ичра бундай азият чекишига ким сабабчи? Албатта ўзимиз. Юрагимизни, тўғрироғи ўзимизни кўп эркалатганмиз. Шунинг учун у аччиқ ҳаётнинг оддий танбеҳларига бардош беролмай ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Кейин кўнгил кўйлакларини ҳўл қилиб қўяди-ю, уввос солиб, бутун вужудни безовта қилади.    
     Тўғри, ҳаёт деб аталмиш виқорли тоғнинг биз юраётган сўқмоқлари ўнқир-чўнқир. Баъзан ўзинг кўриб турган тошга уриласан, ўз оёғингга ўзинг чалишиб йиқиласан-у, унда ҳам ўзингнимас, ўзгаларни айбдор санаб, гуноҳни уларнинг гарданига юклаб қўя қоласан. Гоҳида эса эгилган ниҳолни босиб ўтамиз-у, лекин уни тик қилиб қўйиш кўнглимизнинг кўчасидан ҳам ўтмайди. Бу шавқатсизлик ҳақида сўраганлар эса эвазига биздан кўп важ-баҳоналар олишади. Инсон умри ана шундай айтишга арзирли ва арзимайдиган майда-чуйдалардан иборат.

Исириқнинг сирли xислатлари

Блог им. adolatx
Жаннатмакон юртимиз замини кўксида унган ҳар бир гиёҳ минг дардга даъво бўлгулик ҳислатлари билан аҳамиятлидир. Она табиат қўйнида яшнаб ётган шундай ўсимликлар борки, бугунги кунда замонавий табобатда фойдаланибгина қолмай, ҳар бир хонадоннинг шифобахш дўстига айланишга улгурган.
Маълумотларга қараганда, серқуёш ўлкамизда 17-20 минг турдаги доривор ўсимликлар ўсса, қарийб 300 дан ортиғи тўғридан-тўғри табобат илми тасдиғидан ўтиб, инсон саломатлигига сафарбар этилган. Шундай ўсимликлар орасида ўзининг ғаройиб хусусиятлари билан бўй кўрсатган доривор ўсимликлардан бири бўлган исириқ неча асрларки, ўзининг мўъжизакор хушбўйи, шифобахш ҳислатлари билан аҳоли орасида машҳур. Исириқ аҳли инсоният олдида кўрсатаётган дориворлик ҳислатларига бой бўлиш билан бир қаторда уни аҳоли яшайдиган барча жабҳаларда учраши эл саломатлиги учун айни муддаодир.

БУЮК УСТОЗЛИК ҲАҚҚИ ...

Блог им. adolatx
Бугунги кунда тараққий этиб бораётган жамиятимизда ёшларнинг онгига бегона ғояларнинг сингиб бориши, зарарли оқимларга ўзлари билмаган ҳолда кириб кетишлари ва одам савдоси муаммолари оқибатида келиб чиқаётган мудҳиш воқеалар бот-бот хуруж қилиб турмоқда.  Айниқса, мазкур воқеликларнинг аксар қурбонлари эртанги куннинг эгалари бўлган ёшларни ташкил этиши ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайди. Бу эса бугундан келажакка қўйилган қадамнинг оёғига  болта ургандай зудлик билан бизни бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини кўришга даъват этади.

“ҲЕЧ КИМ БИЛМАСИН”...

Блог им. adolatx
Осмон-у фалакдан туриб кўнглимдаги дардни суратга олаётгандек чақмоқ йилтиллаб ғашимни келтиради. Ҳеч бир сўроқсиз кўнглим эшикларини бузиб кириб, ичимдаги бор дардни бутун оламга ёядигандек ҳадиксирайман. Чақмоқни олиб келган булутлар ортидан ёлвориб қоламан: “Ҳеч ким билмасин”!
Қаерда дейсиз? У барибир “қора” лигини қилди. Қилган яхшилиги эса этагидан армон, алам ёмғирини кўнглимга қуйиб кетди. Исботи эса кўзларимдан оққан кимлар учундир жимит, ўзим учун эса улкан дарддан лойқаланган сел.
Булутларга “ҳеч ким билмасин” дея тайинлаганимни аслида нималигини ўзим ҳам билмайдигандекман назаримда. Англашга улгурмаганим эса ақл назоратига қўйган энг катта баҳонам.
Ваҳолангки, у кўнгил эшигимни беҳосдан чертди. Қулфсиз ҳувиллаган кўнгил уйининг эшиги қия очилгандек бўлди. Оҳиста мўралаган нигоҳ ичкари томон разм солдими, йўқми эшик қарсиллаб ёпилди. Аввалига янглиш ташрифнинг боисини кимнидир излаяпти, аниқ адашган дея оддий ҳолга йўйиб қўя қолдим. Аммо даъфатан қарсиллаган эшик шовури мен не-не илинжда асраб келаётган сабрим косасини чил-чил синдиргани мени шошириб қўйди.

“Қирққиз” да замонавий аёл тимсоли

Блог им. adolatx
Термиз шаҳри марказидан сал олисроқда ўтмишнинг асрларга татигулик кунлари ва бугунги замон ониятида ўтмишга айланиб бораётган, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳар икки замоннинг ўртасида кўприк мисол бўй кўрсатиб турган бир қалъа бор. Унинг остонасига қадам қўйилганда қадим афсоналар ҳақиқати тилга киради ва кўз ўнгингизда оппоқ ҳарир лисобларидан ҳаё ифори таралиб, ўзларида сўнмас жозибага йўғрилган жўшқинликни жо айлаган “Қирқ қиз” намоён бўлади. Шу боис ҳам бу қалъа “Қирққиз” дея юритилади. Замонлар ва вақт зулмларини тан олмаган, у тақдим этган ҳадяларни қўшқўллаб юксак матонат билан қабул айлаган ҳали ҳамон “Замонавий аёл” деган ном остида яшаган, керак бўлса, яшаб келаётган қирқ қиздан бир қизда қирқ қизнинг ҳунари, ақл-заковати бўлган. Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш жоизки, замонавий шарқ аёли “Қирққиз” тимсоли ўтмишда қандай бўлса, бугун ҳам ўшандай ўзгаришларсиз қолди.
“Қирққиз” афсонаси шарқ маъданияти тарихида аёлни яна бир бора кўкларга кўтарди. Ўзигагина хос бўлган ибо-ҳаё пардасига ўраниб ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни сув қилиб симириб, нозик туйғуларни моҳиятан тараннум этгувчи ҳунарларни мукаммал эгаллаб, мўжизалар кўрсата олган ҳур қизлар тасвир этилади.